ҲУМО АРЕНАГА САЁХАТ!

Факультет ёшлар иттифоқи БТ Янгиликлар

ҲУМО АРЕНА-ЎЗБЕКИСТОННИНГ БИРИНЧИ МУЗ СПОРТИ САРОЙИ

Спорт-жисмоний маданиятнинг таркибий қисми, жисмоний тарбия усули ва воситаси, энг муҳими соғлик гарови. Хоҳ у қишки бўлсин, хоҳ ёзги спорт тури.

Спортнинг қишки турларини ривожлантириш мақсадида пойтахтимизда яна бир мўжазгина спорт мажмуаси қад ростлади. “Ҳумо Арена” замонавий муз саройининг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон спорти тарихида янги босқични бошлаб беради.

Куни кеча жисмоний тарбия кафедраси мураббийлари бошчилигида факультетимизнинг шарқ тиллари филологияси йўналишининг бир гуруҳ талабалари ушбу мажмуага ташриф буюришди. Ушбу иншоот илғор муҳандислик ва бинокорлик ечимлари,техник жиҳозланганлик даражаси билан ғоят бетакрорлиги унинг кириш қисмиданоқ яққол кўзга ташланди.

Саёхат давомида мажмуа масъул ходими бизга ҳамроҳлик қилди ва талабаларни мажмуа билан яқиндан таништирди. Дастлаб иншоот майдони ва умумий кўриниши ҳақида батафсил маълумот берилди.Унга кўра мажмуа 7 қаватдан иборат бўлиб, унинг умумий майдони 82 минг метр квадрат. Мажмуа 12 минг томошабинга мўлжалланган. Шунингдек у ерда 1600 ўринли авто тураргоҳ хам мавжуддир.

Мажмуа масъул ҳодимининг маълумотига кўра, бино қурилишида 4 мингдан ортиқ ишчилар ишлаган, Германия,Россия,Австрия,Франция,Испания,Италия ва бошқа мамлакатлардан 10 дан ортиқ ҳамкор компаниялар жалб қилинган.

Ҳумо Арена-умумий қиймати 1,5 триллион сўм бўлиб, ундан 185 миллион АҚШ доллари-хорижий инвестициялардир. Кейин эса мажмуанинг ички қисми билан танишдик. Деворлардан тортиб йўлакдаги ўриндиққача ўзгача дизайнда ишланганлигига гувоҳ бўлдик. Айниқса,муз майдони барчани эътиборини ўзига жалб қилди.

Ушбу саёхат барчада ўзгача таассурот қолдирди. Энг муҳими,талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб топдилар ва спортга бўлган қизиқиши янада ортди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эди ва ўйлайманки бунга тўлиқ эришилди.

 

 

 

 

                                                                                                                        Факультет Ёшлар иттифоқи БТ ОАВ муҳбири:

                                                                                                                                                         Холмуҳаммедова Мафтуна

534 total views, 1 views today

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan