Факультет ҳақида

      

Факультет тарихи

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг 1992 йил 12 майдаги 401-сонли фармонига асосан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ташкил қилинганлиги ҳамда халқ хўжалигининг турли соҳаларида халқаро алоқаларнинг кенгайиб борганлиги ва бунда малакали таржимонларга талаб ортганлигини инобадга олиб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 1994 йил 24 октябрдаги 93-сонли буйруғига асосан университетнинг барча факультетларидан иқтидорли талабалар суҳбат асосида таржимонлик йўналишига ўқишга танлаб олинган ва Таржимонлик факультети ташкил этилган.

Таржимонлик факультетига 1994-1995 ўқув йилидан бошлаб “Инглиз тили қуйи курслар” кафедраси мудири, филология фанлари номзоди, доцент О.М.Муминов декан этиб, шу кафедранинг ўқитувчиси Ж.А.Рузметов декан муовини этиб тайинланган. Кейинги йилларда факультетга етук мутахассислардан, филология фанлари номзодлари Н.М.Қамбаров (2002-2009 йиллар), Т.А.Мадраҳимов (2009 йил), Ҳ.И.Ҳакимов (2009-2012 йиллар), И.М.Тухтасинов (2012-2013 йиллар) раҳбарлик қилишди. Ҳозирги пайтда ушбу лавозимда филология фанлари номзоди, доцент С.А.Зияева фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари факультетда С.Хажиев (1994-2009 йиллар), Д.Алимова (1996-2002 йиллар), Д.Носиров (2004–ҳ.в.), С.Шерхонов (2009-2012 йиллар), Ф.Султонов (2014–ҳ.в.), У.Азизов, А.Эркаев, Д.Жўраев, У.Йўлдошев, М.Тухтахужаевалар декан муовини сифатида фаолият юритишди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Илмий кенгашининг 2011 йил 29 сентябрдаги йиғилиш қарорига биноан Таржимонлик факультети “Таржима назарияси ва амалиёти факультети” деб ўзгартирилди.

1994 йилда ташкил топган. Факультет 2 та (таржима назарияси ва амалиёти (инглиз, немис, франсуз тиллари), филология ва тилларни ўқитиш (хитой, япон ва корейс тиллари) таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар, 2005 йилдан бошлаб магистрларни тайёрлаб келмоқда. 1994 йилдан бери факултетни 3300 дан ортиқ бакалавр тугатиб, улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият кўрсатмоқдалар. Факультет битирувчилари орасидан кўплаб давлат мукофоти, халқаро мукофот соҳиблари, етук таржимонлар ва элчихоналар ходимлари етишиб чиққан. Факултетда 10 дан ортиқ тил иккинчи чет тили сифатида ўргатилади. Булар япон, корейс, хитой, италъян, турк, инглиз, франсуз, немис ва испан тилларидир. Факултетда синхрон таржима бўйича ҳам мутахассислар тайёрланади. Синхрон таржимани ўргатишга соҳанинг энг тажрибали ўқитувчилари жалб этилган. Синхрон таржима фанини ўқитиш учун махсус чет эл техникаси билан жиҳозланган аудиториялар мавжуд. 2014 йилда кафедранинг бир қатор профессор – ўқитувчилари Г.П.Курбаназарова, Д.Е.Инамова ҳамда А.А. Ҳамидовлар Ўзбекистонда оғзаки таржимани ривожлантириш лойиҳаси доирасида Жанубий Кореянинг Ханкук чет тиллари университетида ўз малакаларини ошириб қайтдилар, сўнгра ушбу лойиҳа асосида 2015 йилнинг сентябр ойида кореялик мутахассислар томонидан 40 нафар талабага мўлжалланган 2 та хонани синхрон таржимага ўқитиш ускуналари билан жиҳозлаб беришди. Хозирда инглиз-рус ва инглиз-ўзбек йўналишларида талабаларга синхрон таржимадан сабоқ бериб келинмоқда.

Факультетда 2 та мутахассислик кафедралари мавжуд:

  • Таржимашунослик назарияси ва амалиёти
  • шарқ филологияси кафедраларидир.

Ўтган йиллар давомида факультетда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари Иброҳим Ғафуров, Амир Файзулло, филология фанлари докторлари Жамолиддин Бўронов (профессор), Шуҳрат Қориев (профессор), филология фанлари номзодлари Каримберди Раҳмонбардиев, Ёқуб Мўминов, Жамила Ғуломова, Муқаддас Хўжаева, Зулфира Галимуллина, Нишон Умбаров, Светлана Новикова, Тамара Крахмальная, Алина Гаврилова, Эргаш Соатжонов, Жуманазар Матёқубов, Патхиддин Нишонов, Темур Олтиев сингари катта амалий тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари ва маҳоратли таржимонлар ишладилар.

Ўқув ишлари

Мутахассислик кафедраларида 40 дан ортиқ профессор – ўқитувчи фаолият кўрсатади. Улардан 2 нафари филология фанлари номзоди, профессор, 2 нафари филология фанлари номзоди, дотсент, 9 нафари катта ўқитувчи, 29 нафари ўқитувчилардир. Шу ва бошқа бир қатор етук мутахассислар факултетда ҳозирда таҳсил олаётган 600 дан ортиқ талаба ва магистрларга сабоқ бериб келишмоқда. Факультетда талабалар илм олишлари учун барча шароитлар яратилган: жумладан, 40 нафар талабага мўлжалланган 2 та синхрон таржимага ўқитиш ускуналари билан жиҳозланган махсус хона, 1 та 20 нафар талабага мўлжалланган хитой тили лингафон хонаси, интернет билан таъминланган 1 та компютер хонаси, электрон доска билан жиҳозланган 1 та семинар хонаси, проекторлар билан жиҳозланган 3 та маърузалар заллари мавжуд. Факультетда ҳозирги кунда қуйидаги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланади:

Бакалавр таълим йўналишлари:

  • 5120200 – Таржима назарияси ва амалиёти (инглиз тили)
  • 5120200 – Таржима назарияси ва амалиёти (немис тили)
  • 5120200 – Таржима назарияси ва амалиёти (франсуз тили)
  • 5120100 -Филология ва тилларни ўқитиш (хитой тили)
  • 5120100 -Филология ва тилларни ўқитиш (япон тили)
  • 5120100 -Филология ва тилларни ўқитиш (корейс тили)

Магистратура мутахассисликлари:

  • 5А120201 – Қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик (тиллар бўйича)
  • 5А120102 – Лингвистика (хитой тили)
  • 5А120102 – Лингвистика (япон тили)

Илмий ишлар:

Факультетда 2 та таълим йўналиши ва тўртта тил бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу йўналишларга таржима назарияси, амалиёти, тарихи ва таржима ўқитиш методикаси йўналишлари киради. Ҳозирги кунда факултетда 13 нафар стажёр-тадқиқотчи-изланувчи, катта илмий ходим-изланувчи PhD илмий даражасини олиш учун изланишлар олиб бормоқда.

Факультетда мутахассислик фанлари бўйича дарс ўтадиган ўқитувчилардан 22 нафари хорижий давлатларда ўз малакаларини оширган. Факултет ташкил қилингандан бери 6 нафар талаба Президент стипендияси совриндори, 17 нафар талаба А.Навоий давлат стипендияси совриндори, 15 нафари талабалар ўртасида ўтказилган хорижий тиллар олимпиадасининг ғолиби бўлган. Бундан ташқари 12 нафар талаба юртимиздаги турли жамғармалари томонидан иқтидорли талабалар учун ташкил этилган стипендиялар танловларида ғолиб чиқишган.

Қиёсий тилшунослик ва лингвистик таржимашунослик ҳамда лингвистика хитой ва япон тиллари мутахассисликлари бўйича магистратура бўлими фаолият кўрсатмоқда. Бўлимда ҳозирги кунда 38 нафар магистр таҳсил олмоқда. Магистр талабаларга фан номзодлари ва докторлари, тажрибали ўқитувчилар сабоқ бериб, магистрлик диссертатсияларига раҳбарлик қилмоқдалар.

Факултетда кўплаб лойиҳалар устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2012-2014 йилларга мўлжалланган ИТД-1-119, “Ўзбек адабиёти антологияси”ни инглиз тилига таржима қилиш ва адабиётлараро коммуникатсия муаммолари” мавзусидаги лойиҳанинг 1-йилида қуйидаги 6 та дурдона асарлар факултетимизнинг малакали таржимонлари томонидан инглиз тилига таржима қилинди: Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Ўткир Хошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, Тўлқин Ҳайитнинг “Вафо маликаси” ва Тилаб Махмуднинг “Омонат дунё” асарлари шулар жумласидандир.

Факультетнинг илмий фаолияти қуйидаги йўналишларни қамраб олади:

  1. “Шарқ тилларининг долзарб муаммолари”(Хитой, япон ва корейс тили)
  2. “Шарқ тилшунослиги”(Хитой, япон ва корейс тили)
  3. “Шарқ тилларида таржима масалалари”(Хитой, япон ва корейс тили)
  4. “Ҳозирги замон шарқ адабиётининг долзарб муаммолари”(Хитой, япон ва корейс тили)
  5. “Шарқ тилларини ўқитиш методикаси”(Хитой, япон ва корейс тили)
  6. “Хорижий шарқ халқлан адабивоти поетикаси масалалари”(Хитой, япон ва корейс тили)
  7. “Таржима назарияси масалалари”(инглиз тили)

Маънавий-маърифий ишлар

Факультетда 9 та устувор йўналишда амалга оширилаётган маънавий-ахлоқий тарбия ва маърифат тадбирларининг қамрови ҳамда самарадорлигини кўтариш механизмлари ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ равишда талабаларининг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонликларини янада ошириш, шу билан бирга, мамлакатимизда юз бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларни ёшлар онгига сингдириш мақсадида талаба-ёшлар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқлари, республика давлат арбобларинг интервюлари ҳамда хорижий мамлакатларда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар ҳақида тўлақонли маълумотлар декнат ҳамда кафедралар ҳамкорлигида ташкил этилган “Ахбарот ва мураббийлик соатлари” да мунтазам ёритиб борилади. Хусусан, талабалар орасида атрофлича муҳокама қилиш мақсадида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Факультетда олдиндан ишлаб чиқилган режа асосида ўзбек халқи тарихида ёрқин из қолдирган ижодкорлар, давлат арбоблари, саркардаларнинг таваллуд куни муносабати билан байрам тантаналари уюштирилади. Ватанимиз тарихидаги қутлуғ саналар муносабати билан ҳам тадбирлар амалга оширилади. Факультет талабалари иниститут, туман, шаҳар, республика, халқаро миқиёсидаги ёки олий ўқув юртлари ўртасида маънавий-маърифий кўрик танловларида фаол қатнашиб муносиб ўринларни эгаллаб келмоқда. Ҳар йили институт миқёсидаги ўтказилган футбол бўйича “Ректор кубоги”, “Декан кубоги”, мусобақаларида ўқитувчилар ва талабаларимиз факультет терма жамоалари таркибида қатнашиб яхши натижалар кўрсатишмоқда.

 

Факультетнинг ҳамкор ташкилот ва муассасалари:

Факултетда 5 та (япон, хитой, корейс, турк, италъян) тил ўрганиш маркази ва битта интернет трамоғига уланган ахборот технологиялари маркази ҳамда Британия кенгаши томонидан ташкил этилган ахборот ресурс маркази мавжуд. Барча марказлар хорижий элчихоналар томонидан жиҳозланган ва ўқув адабиётлари билан таъминланган.

Факультетда 8 нафар хорижлик профессор – оқитувчи мутахассислик фанлари ва иккинчи чет тилидан талабаларга сабоқ беради. Ҳар йили факультетдан аъло баҳоларга ўқийдиган талабаларни Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Италия, Франсия, Малайзия, Индонезия, Гретсия, Белгия ва бошқа давлатларга турли муддатли курсларда ўқишга юбориш йўлга қўйилган. Кейинги йилларда факультет бир нечта хорижий элчихоналар ҳамда хорижий давлат университетлари билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, Россиянинг Москва давлат университети, Белгиянинг Брюссел Олий таржимонлик мактаби, Хитойнинг Пекиндаги хитой тили ва маданияти институти, Жанубий Кореянинг Сеул ва Чун Анг университетлари ҳамда KOICA халқаро ташкилоти, Ҳиндистоннинг Деҳли университети, Италиянинг Перужи университети, Япониянинг JICA халқаро ташкилоти, Миср Араб Республикасининг Айн-Шамс ва Қоҳира университетлари, Франциянинг Страсбургдаги Марк Блок каби университетлари билан алоқалар ўрнатилган.

1,877 total views, 3 views today